Фаол ҳамкор ва кўмакчи

Фарғона шаҳри Абдураҳмон Жомий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида жамоатчилик назорати ўрнатилгани боис ҳудуддаги кўплаб муаммолар ўз вақтида бартараф этилмоқда.
Хусусан, маҳалла ҳудудидаги кўпқаватли 8-уйда капитал таъмирлаш юмушлари бажарилгач, унинг кўлами ва сифатини назоратга олган аҳоли қурувчиларнинг ишларидан қониқмади. Натижада маҳалла қошидаги Жамоатчилик ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш комиссиясига мурожаат қилди. Мавжуд аҳволни атрофлича ўрганиб чиққан комиссия аҳоли эътирозини ўринли деб топиб, қурувчиларнинг ишларидаги камчиликларни тузатиш устидан назорат ўрнатгач, муаммолар шу ернинг ўзида ҳал қилинди. Бундан ташқари, маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга кўрсатилаётган ёрдамларнинг манзилли ва ўз вақтида амалга оширилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— Ёшим етмишда. Яқинда бетоб бўлиб қолдим. Оилавий аҳволимдан, соғлиғимдан хабордор маҳалла фуқаролар йиғини ва жамоатчилик назорати комиссияси аъзоларининг саъй-ҳаракатлари билан шаҳар шифохонасида бепул даволаниб, соғлиғимни тиклаб қайтдим, — дейди Кумушхон ая Икромова. — Қолаверса, улар пенсия таъминоти, коммунал тўловлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда ҳам ёрдамларини аяшмаяпти.
— Маҳалламиз ҳудудидаги 17 та маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ва бир қатор савдо тармоқлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатганмиз, — дейди комиссия раиси Муқаддасхон Жўрабоева. — Шунингдек, пенсия ва ногиронликка оид нафақалар таъминоти, уй-жойлар таъмири, меъёрлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, нарх-наволар, тиббий хизмат сифати, маҳаллага келиб-кетувчилар, тўй-ҳашамларни камчиқим қилиб ўтказиш, жиноятчиликка қарши кураш ва шу каби кўплаб долзарб вазифалар жамоат назоратига олинган. Аҳоли билан тез-тез учрашиб, мулоқот ва суҳбатлар ўтказиб турганимиз боис, кўплаб масалалар жойида ечимини топмоқда.
— Йиғинимизда тўрт минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади,— дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдураҳим Иброҳимов. — Жамоатчилик назорати комиссияси аъзолари маҳалладаги обрў-эътиборли, чуқур билим ва ҳаётий тажриба эга бўлган фаолларимиздан таркиб топгани, ҳудудимиздаги уй-жой мулкдорлари ширкатлари устидан мунтазам текширувлар ўтказаётгани муваффақиятларимизнинг муҳим омилидир. Оилалар, қўни-қўшни ўртасидаги баъзи бир келишмовчиликлар, коммунал хизмат турлари, тўловларни ўз вақтида ундириш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда ҳам уларга суянамиз.
Яна бир эътиборли жиҳати, Жамоатчилик назорати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш комиссияси аъзолари ва бошқа мутасаддилар аралашуви билан шу кунга қадар 62 та кам таъминланган оила ҳомийларга бириктирилган. Маҳалладаги кўпқаватли уйларнинг том ва ертўла қисми таъмирланди, иссиқ ва совуқ сув қувурлари, ойналар янгиланди. Ҳудудда атроф-муҳит ободончилигини таъминлаш мақсадида дам олиш кунлари ҳашар уюштириляпти. Бир сўз билан айтганда, комиссия аъзолари ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, аҳоли манфаатини ҳимоялаш сингари долзарб вазифаларда фаол ҳамкор ва кўмакчи бўлиб хизмат қилмоқда.

Расул КАМОЛ,
«Маhallа» мухбири.

Фото галерея

Янгиликлар

09.02.2012
оммавий ахборот воситалари истиқболида муҳим босқич Пойтахтимизда «ОАВга берилаётган қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар: ахборот соҳасига бозор муносабатларини жорий этишнинг муҳим омили» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
09.02.2012
Она-Ватанга хизмат қилиш — бугун мустақил мамлакатимиз ҳудудларида камол топаётган ҳар бир ўғлоннинг эзгу мақсади. Ушбу шарафли орзуни қалбига жо этган йигитларимизга Ватан ҳимоячиси бўлишдек фахру ифтихор янада улкан куч-ғайрат бахш этмоқда.
09.02.2012
Ховос туманидаги Чаманзор қишлоғида эл манфаати йўлида тер тўкаётган якка тартибдаги тадбиркорлар талайгина. Мирабдулла Тожибоев ҳам ун тегирмонини ишга тушириб, ўн йилдан бери қишлоқдошларининг оғирини енгил қилиб келмоқда.

Излаш