Маҳалла — ҳаётимиз кўзгуси

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ маҳалла тизимини шакллантириш, унинг ваколатлари кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, маҳалла нуфузини кўтариш, нафақат иқтисодий, нафақат ижтимоий, балки бу — сиёсий, тарбиявий, улкан маънавий масаладир. Шу боис, “маҳалла” тушунчаси биринчи марта Конституциямизга киритилди.
Айни чоғда Президентимиз фармони билан Республика “Маҳалла” хайрия жамғармаси фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда унинг таркибида 14 та ҳудудий бўлим, 196 та туман ва шаҳар бўлинмалари фаолият юритмоқда. Мухтасар айтганда, юртимиздаги 10 мингга яқин маҳалла ранг-баранг турмуш тарзи, дин, мафкура, турли ғоялар қозонида қайнаган, ҳаёт синовидан ўтган донишманд халқимиз учун таянч ва суянч бўлиб келаётир. Жамғарманинг 2006 — 2011 йиллардаги фаолияти юзасидан ўтказилган ҳисобот-сайлов конференциясида ҳам бу алоҳида эътироф этилди. Айни чоғда унинг истиқболдаги устувор вазифалари белгилаб олинди.
Маълумки, бугунги кунда маҳалла илгари маҳаллий ҳокимият органлари зиммасида бўлган ўттиздан ортиқ вазифани бажариб келмоқда. Оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кенгайтириш, хусусан, ногирон ва кексаларга аниқ манзилли ёрдам кўрсатиш шулар жумласидандир. Бу борада, айниқса, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида ўтказилаётган умумхалқ ҳашарлари муҳим аҳамият касб этаётир. Биргина ўтган йили Наврўз байрами арафасида 42 мингга яқин эҳтиёжманд оила ва ёлғиз кексалар уй-жойлари таъмирлаб берилди, ушбу мақсадлар учун 1 миллиард 135 миллион сўм маблағ ажратилди.
Жамғарма томонидан маҳаллаларимизда болалар спортини ривожлантириш бўйича ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Биргина 2007 йилда Давлат дастури ижроси юзасидан 258 та спорт майдончаси қурилиб, 150 таси жиҳозланган бўлса, 2010 йилда 696 та спорт майдончаси таъмирланди. Қўшимча 12 та янги майдонча фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, ҳисобот даврида 2300 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинларини турли спорт инвентарлари билан таъминлаш учун 73,9 миллион сўм маблағ сарфланди. Ҳар йили “Соғлом оила”, “Ўзбек якка кураши”, “Маҳалламиз паҳлавонлари”, “Футболимиз келажаги” каби мусобақаларни ўтказиш яхши анъанага айланди.
Жамғарма, шунингдек, маҳаллаларни ижтимоий, иқтисодий ва маданий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда ўтган даврда жойларда умумхалқ ҳашарлари ўтказилиб, кўкаламзорлаштириш, бунёдкорлик ҳамда маҳалла идораларини қуриш, таъмирлаш, гузарлар барпо этиш ишлари бажарилди. Фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилди. Жумладан, ҳисобот даврида жамғарма республика бошқаруви, ҳудудий бўлим ва бўлинмалари томонидан ушбу мақсадларда уларга жами 9 миллиард 768 миллион сўмлик 1920 та компьютер жамланмаси, 2088 та мебель жиҳозлари олиб берилди. Ҳозирги пайтда бу борадаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Мустаҳкам оила йилида зиммамиздаги масъулият янада ошади. Зеро, мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 19 йиллигига бағишланган маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, “Мустаҳкам оила” деган ғоянинг ҳаётимиздаги амалий ифодасини кўришда, ҳеч шубҳасиз, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идораси сифатида ном қозонган маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Айниқса, ёш оилани ҳаётнинг турли тўфонларидан асраш, унинг мустаҳкам оёққа туриб олиши учун елкадош бўлиш, бу борадаги зарур кўмак, маслаҳат беришда маҳалланинг роли ва аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида ҳам оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда маҳалланинг роли ҳамда аҳамиятини кучайтириш ўз олдимизга қўйган муҳим мақсадлардан бири эканини алоҳида қайд этиб ўтди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қайд этилганидек, маҳалланинг ўрни ҳамда ролини янада оширишга хизмат қиладиган бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Аввало, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқий асосини бугунги кун талаблари даражасида такомиллаштириш айни муддаодир. Жумладан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган ҳавола нормаларини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган қонун ҳужжатларини қабул қилиш зарур. Қонуннинг 17-моддасида эса фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашлар туман, вилоят ва республика даражасида тузилиши мумкинлиги қайд этилган. Аммо ҳозирги кунга қадар уларнинг ташкил қилинмаганлиги амалиётда айрим қийинчиликларни юзага келтирмоқда.
Юртбошимиз тақдим этган Концепциядан келиб чиқиб, маҳаллани аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш устувор вазифадир. Шундай вазифалардан яна бири жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, мамлакатимиз аҳолиси турли қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилишда маҳаллаларнинг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ижтимоий шериклик муносабатларини ривожлантиришдан иборатдир.
Шунингдек, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, жамиятнинг маънавий-ахлоқий тафаккурини юксалтириш, жойларда қонун ҳужжатлари, давлат ҳамда ҳудудий дастурларнинг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини кенгайтириш, “Оила” институтини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини кучайтириш мақсадга мувофиқдир. Айни чоғда ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ёшлар иштирокини кенгайтириш, соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш бўйича фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш бизни кўзланган мақсад сари янада яқинлаштиради.
Табиийки, бу вазифаларни уддалаш ҳар бир маҳалла фаолидан юксак масъулият ва фидойиликни талаб қилади. Шундай экан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари — маҳаллалар фаолиятини бугунги кун талаблари даражасида такомиллаштириш, бу борадаги ишларга камарбаста бўлишга ҳар биримиз масъулмиз.

Анвар АҲМЕДОВ,
«Маҳалла» хайрия жамғармаси
республика бошқаруви раиси.

Фото галерея

Янгиликлар

09.02.2012
оммавий ахборот воситалари истиқболида муҳим босқич Пойтахтимизда «ОАВга берилаётган қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар: ахборот соҳасига бозор муносабатларини жорий этишнинг муҳим омили» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
09.02.2012
Она-Ватанга хизмат қилиш — бугун мустақил мамлакатимиз ҳудудларида камол топаётган ҳар бир ўғлоннинг эзгу мақсади. Ушбу шарафли орзуни қалбига жо этган йигитларимизга Ватан ҳимоячиси бўлишдек фахру ифтихор янада улкан куч-ғайрат бахш этмоқда.
09.02.2012
Ховос туманидаги Чаманзор қишлоғида эл манфаати йўлида тер тўкаётган якка тартибдаги тадбиркорлар талайгина. Мирабдулла Тожибоев ҳам ун тегирмонини ишга тушириб, ўн йилдан бери қишлоқдошларининг оғирини енгил қилиб келмоқда.

Излаш