Корхонада маҳаллий ёшлар

Мамлакатимизда ишлаб чиқариш тармоқларини янада ривожлантириш орқали иқтисодий барқарорликни таъминлаш долзарб вазифа сифатида белгиланган.
Айниқса, тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар яратилиб, маҳаллаларда саноат корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш, турли ҳажмдаги тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, халқаро сифат сертификатига эга кўплаб маҳсулотлар ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда.
Пойтахтимизнинг Учтепа тумани Хондамир номидаги маҳалласида хусусий тадбиркор Зиёдулла Илҳомов ташаббуси билан юқори сифатли ўқув полиграфия маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Perfect Choice Group» номли корхонаси ишга туширилганига кўп бўлгани йўқ.
— Тадбиркорларга яратиб берилаётган қулайликлар, имтиёзлар, албатта, юрт фаровонлиги омилидир, — дейди корхона раҳбари З.Илҳомов. — Дастлаб ишни 4-5 нафар ходим билан бошлагандик. Бугун корхонамизда 20 нафарга яқин фуқаро ўз иш ўринларига эга. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар пойтахтимиз дўконларига етказиб берилаётир. Айни пайтда замонавий технологиялар билан таъминланган цехимизда дафтардан ташқари, турли ўқув қуроллари — иш журнали, расм дафтари, альбомлар, рангли қоғозлар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилди. Яна бир муҳим жиҳати, йиғин раиси билан маслаҳатлашиб, асосан, кам таъминланган оилалар аъзоларини ишга жалб этяпмиз.
— Маҳалламизда ўндан зиёд тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Ҳар бири билан ўзаро ҳамжиҳатликда иш юритаётганимиз муваффақиятларга омил бўлаётир, — дейди Хондамир номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шоҳида Бадалова. — Уларнинг барчаси маҳалла ободлигига хайрихоҳ, жамоат ишлари фаол. Хусусан, Зиёдулла Илҳомов ҳам маҳаллада ўтказиладиган байрам тадбирларига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган фидойи маҳалладошларимиздан. Унинг раҳбарлигида чиқарилаётган дафтарлар ўзининг сифати ва бежиримлиги билан аҳоли ишончини қозонди.
— Икки нафар фарзандим мактаб ўқувчиси. Уларга айнан шу корхона маҳсулотларини харид қиляпман, — дейди шу маҳаллада истиқомат қилаётган Шоҳиста Азимова. — Сабаби, бу ерда ишлаб чиқарилаётган дафтарлар, расм дафтарлари муқовасига четдан кириб келаётган турли бачкана расмлар, «оммавий маданият» ғояларини тарғиб этувчи суратлар эмас, балки улуғ мутафаккирлар, тарихий обидалар сингари миллий ўзлигимиз намуналари тасвирлари туширилган. Айниқса, дафтар муқоваси миллий қадриятларимизга уйғун. Уларда улуғ мутафаккир боболаримиз Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, тиб илмининг султони Ибн Сино каби буюк сиймолар суратлари акс эттирилгани айни муддао бўлмоқда.
З.Илҳомов ҳудуддаги кам таъминланган оилалар фарзандларига ўқув-қуроллари, хусусан, дафтар ва расм дафтарлар улашиб туради. Хусусан, янги йил олдидан уюштирилган саховат тадбирида ҳам 30 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига корхона маҳсулотлари ҳадя қилинди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
«Mahalla» мухбири.

Фото галерея

Янгиликлар

10.05.2012
ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ СОВРИНДОРИ МАЛИКАБОНУ НАРЗУЛЛАЕВА НОЁБ ҚОБИЛИЯТ СОҲИБАЛАРИДАН. У ЎЗИДА СПОРТЧИЛАРГА ХОС ИШТИЁҚ ВА ОЛИМЛАРГА ХОС ЗИЙРАКЛИКНИ МУЖАССАМЛАШТИРГАН, ДЕСАК ЯНГЛИШМАГАН БЎЛАМИЗ.
10.05.2012
МУҲТАРАМ ЮРТБОШИМИЗНИНГ «ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҚИЛЛИККА ЭРИШИШ ОСТОНАСИДА» АСАРИНИ АҲОЛИ ЎРТАСИДА КЕНГ ТАРўИБ ЭТИШДА «МАҲАЛЛА» ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИНИНГ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БЎЛИМИ БОШҚАРУВИ, ШАҲАР ВА ТУМАН БЎЛИНМАЛАРИ ФАОЛЛИК КЎРСАТАЁТИР.
10.05.2012
АВВАЛ ХАБАР БЕРГАНИМИЗДЕК, «МАҲАЛЛА» ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИ РЕСПУБЛИКА БОШҚАРУВИ ВА БИР НЕЧТА МУТАСАДДИ ТАШКИЛОТЛАР ҲАМКОРЛИГИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ ФАОЛЛАРИНИНГ КАСБИЙ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ МАҚСАДИДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН ТЎРТ КУНЛИК ЎҚУВ-СЕМИНАР ЯКУНЛАНДИ.

Излаш