Бизнеснинг янги ташкилий ва ҳуқуқий шакли

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бугунги кунда мамлакатимизда иш билан банд аҳолининг 74 фоиздан ортиғи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида меҳнат қилаётганини таъкидлаб ўтди. Мамлакат ялпи ички маҳсулотида эса, бу соҳа вакилларининг улуши 54 фоизни ташкил этмоқда.
Оилавий тадбиркорлик хўжалик юритишнинг миллий анъаналарига мос бўлиб, янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни ривожлантиришда алоҳида ўринга эга.
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида оилавий бизнеснинг ҳуқуқий кафолатларига алоҳида тўхталиб, жумладан шундай деганди: “Ўйлайманки, бугунги кунда кичик бизнес ва тадбиркорликни кенгайтириш учун бизнеснинг янги ташкилий-ҳуқуқий шакли сифатида оилавий бизнесни қонуний белгилаб қўйиш вақти келди. Мамлакатимизда бизнесни ташкил қилишнинг ушбу шакли бизнесни юритишда юзага келган миллий анъаналаримизга, хўжалик юритиш фаолиятининг мавжуд ҳолатига тўла мос келади. Ишончим комилки, бундай бизнесни ташкил қилишнинг қонунчилик базаси яратилса, оилавий бизнеснинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида унинг жадал ва кенг ривожланиши ва янги иш ўринларининг очилишига шароит туғилади”.
Таъкидлаш лозимки, ҳар қайси соҳа вакиллари каби хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган кишилар учун ҳам ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларини билиш, яъни уларда мустаҳкамланган имконият ва ҳуқуқлардан ўз ўрнида фойдалана олиш ҳамда талабларига оғишмай амал қилиш муҳимдир.
Шу ўринда оилавий тадбиркорликнинг асосий ҳуқуқий жиҳатларига тўхталиб ўтиш лозим. Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунига кўра, оилавий ишбилармонлик тадбиркорликнинг шаклларидан бири бўлиб, эр-хотиннинг умумий мол-мулки негизида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 июлдаги қарори билан тасдиқланган “Оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомда унинг ҳуқуқий асослари, хусусан, оилавий тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш, ундаги меҳнат муносабатлари ва бошқа ўзига хос хусусиятлари белгилаб қўйилган. Унга кўра, оилавий тадбиркорлик, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, эр-хотин ва уларга ёрдам берувчи оила аъзолари томонидан биргаликда амалга оширилади. Эр-хотиннинг умумий мол-мулки негизида оилавий тадбиркорлик амалга оширилаётганида, иш муомалаларида эр-хотин номидан эрнинг ёки хотиннинг розилиги билан улардан бири иштирок этади. Бу розилик якка тартибдаги тадбиркор рўйхатдан ўтказилаётганда тасдиқланиши лозим.
Бунинг учун, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига ариза билан мурожаат этилади. Аризага 3х4 см. ўлчамдаги иккита фотосурат, энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида давлат божи тўлангани ҳақидаги банк тўлов ҳужжати, уч нусхада муҳр ва штамп эскизлари (якка тадбиркор хоҳишига кўра), паспорт нусхаси илова қилинади. Оилавий тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади.
Айтиш жоизки, тадбиркорлик фаолияти объекти сифатида уй-жойдан фойдаланиш билан боғлиқ оилавий тадбиркорликка киришилаётганида, уй-жой мулкдорларидан бирининг иш муомалаларига киришиши оиланинг вояга етган бошқа аъзоларининг нотариал тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда амалга оширилади. Хусусан, турар-жойни нотурар жой тоифасига ўтказиш учун оиланинг вояга етган аъзоларининг нотариал тасдиқланган ёзма равишдаги розилиги талаб этилади.
Оилавий тадбиркорликни амалга оширишда меҳнатга ҳақ тўлаш ва даромадни тақсимлаш масалалари мустақил равишда ҳал қилинади. Бунда доимий ходимларни ёллаш мумкин эмас. Истисно ҳолларда фуқаро-ҳуқуқий шартнома асосида вақтинча бир марталик ишларни амалга ошириш учун оила аъзолари ҳисобланмайдиган фуқаро жалб этилиши мумкин.
Юқорида айтилган низомга кўра, оилавий тадбиркорлик субъектлари ижтимоий суғурта қилиниш ва иш даврларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат стажига ҳисоблаш ҳуқуқига эга. Уларга меҳнат дафтарчаларини бериш, меҳнат стажини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан амалга оширилади.
Президентимиз 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида мамлакатимиз парламенти томонидан маъқулланган 2012 йилда иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига биноан 967 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш, уларнинг қарийб 600 мингини қишлоқ жойларда ташкил этиш кўзда тутилганини алоҳида таъкидлади. Жумладан, жорий йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳисобидан 480 мингдан зиёд кишини ишга жойлаштириш мўлжалланмоқда. Корхоналар билан ҳамкорликда меҳнат шартномалари асосида касаначиликнинг турли шаклларини, шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали эса, 210 мингдан ортиқ юртдошимизнинг бандлигини таъминланиш назарда тутилаётир.
Бинобарин, оилавий бизнесни ривожлантириш оилалар иқтисодини яхшилаш ва молиявий имкониятини кенгайтириш билан бирга, пировард натижада халқ фаровонлигини оширишга, элимиз дастурхонини янада тўкин бўлишига хизмат қилади. Шундай экан, бизнесни юритишда юзага келган миллий анъаналаримизга мос келадиган оилавий бизнесни қўллаб-қувватлаш, унинг янги куч билан ривож топишига барчамиз масъулмиз.

Ойбек ҲАКИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги бошқарма
бошлиғи ўринбосари.

Фото галерея

Янгиликлар

09.02.2012
оммавий ахборот воситалари истиқболида муҳим босқич Пойтахтимизда «ОАВга берилаётган қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар: ахборот соҳасига бозор муносабатларини жорий этишнинг муҳим омили» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
09.02.2012
Она-Ватанга хизмат қилиш — бугун мустақил мамлакатимиз ҳудудларида камол топаётган ҳар бир ўғлоннинг эзгу мақсади. Ушбу шарафли орзуни қалбига жо этган йигитларимизга Ватан ҳимоячиси бўлишдек фахру ифтихор янада улкан куч-ғайрат бахш этмоқда.
09.02.2012
Ховос туманидаги Чаманзор қишлоғида эл манфаати йўлида тер тўкаётган якка тартибдаги тадбиркорлар талайгина. Мирабдулла Тожибоев ҳам ун тегирмонини ишга тушириб, ўн йилдан бери қишлоқдошларининг оғирини енгил қилиб келмоқда.

Излаш