Фазилат ва туйғулар ҳам қўриқланади

— Укажон, мени ким деб ўйлаяпсиз, қўйинг, идорангизга судраб вақтимни олманг. Мен тирикчилигини ўйлаб, ризқини териб юрган одамман. Уйма-уй юриб, қадимий буюмларни суриштираман. Бухоро тилласидан ясалган тақинчоқларни ҳам оламан, ҳозир бунақаси урфда эмас, аёллар барибир тақишмаяпти, сотиб юборишса, ўзларига пул бўлади...
Посбон тинимсиз жавраётган жувоннинг сўзларини эшитмаётгандек йўлида давом этди. Ҳамроҳи эса, тобора безовталанар, бироқ йигитнинг қўлидан қочиб қутулолмаслигини сезгани боис, ноилож унга эргашиб келарди. Ҳудуд профилактика инспектори ҳузурига келишгач, аёлдан шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинди. Кўп ўтмай аниқландики, бу аёл кейинги пайтда дам у ҳудудда, дам бу ҳудудда пайдо бўлиб, одамларни чув тушириб юрган товламачилар гуруҳидан экан. Зудлик билан туман ИИБга хабар беришди. Гумондорни бўлимга мурожаат қилган жабрдийдалар билан юзлаштирилганда тахминлар исботланди.
Шокиржон Ражабов Хатирчи тумани Собир Раҳимов номидаги маҳалла фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси сардори. Маҳалладошлари кўз олдида ўсиб-улғайган бу йигит бугун эл осойишталигига муносиб ҳисса қўшаётганидан мамнун. Тошкент Агробизнес касб-ҳунар коллежини тугаллаган Шокиржон зийраклиги, атрофдаги ҳеч бир воқеа-ҳодисага бефарқ эмаслиги боис, мана ўн йилдирки, ўз бурчини астойдил адо этиб келаётир. Бир неча бор содир этилиши муқаррар бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга эришди, айрим жиноятларнинг фош этилиб, айбдорлар топилишига ҳисса қўшди.
— Маҳалламизда уч мингдан зиёд аҳоли яшайди, — дейди Ш.Ражабов. — Шундан қарийб ярми ёшлар. Имкон қадар улар билан яқин бўлишга интиламан, ҳуқуқий саводхонликни тарғиб этаман. Ёшлар ҳам ўз ўрнида турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда менга ёрдам беришади.
— Маҳалламиз сардори ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда «Орият», «Синов», «Паспорт ва виза», «Қорадори» ва «Антитеррор» каби тарғибот тадбирларини ташкил этишдан ташқари, ёшлар ўртасида турли спорт беллашувларини ҳам уюштириб туради, — дея суҳбатимизга қўшилади маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зуҳра Олтинова. — Ҳудуддаги ўсмирларни футбол, кураш каби спорт турлари билан шуғулланишга ундайди. Кўп масалаларни ечишда унга суянамиз. У ташаббускорлиги, ишчанлиги билан каттаю кичикнинг ҳурматини қозонган.
Мазкур маҳаллада бўлганимизда сардор маҳалла ёшлари билан «Тақдиринг ўз қўлингда», деб номланган тадбир ўтказаётган экан. Хатирчи туман ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими бошлиғи, капитан Комилжон Адизов иштирокида ўтган мазкур тадбирда одам савдоси, гиёҳвандлик, диний экстремизм ва терроризм каби иллатлардан огоҳ бўлиш, маънавий таҳдидлар хусусида сўз борди. Учрашув ошкора мулоқот, савол-жавобларга бой, қизғин тусда ўтди.
— Эртага ариқни қазиб, йўлларни тозалашга келишганмиз-а, унутганларинг йўқми? — сўради тарқалаётганлардан Шокиржон.
— Эртага ҳашар-ку, кун илиши билан шу ерда тўпланамиз, — дея жавоб қайтаришди ёшлар.
— Ҳашар давомида маҳалламиздаги ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиб, томорқаларини тартибга келтириб беришни ҳам режалаштирганмиз, — дея жилмайди хайрлашарканмиз Шокиржон.
Халқимизнинг меҳр-оқибат, хайр-саховат каби фазилатларига кўз тегмасин. Осойишталик посбонлари ана шундай олижаноб туйғуларни ҳам қўриқлайдилар, аслида.

Холбиби САФАРОВА.

Фото галерея

Янгиликлар

09.02.2012
оммавий ахборот воситалари истиқболида муҳим босқич Пойтахтимизда «ОАВга берилаётган қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар: ахборот соҳасига бозор муносабатларини жорий этишнинг муҳим омили» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
09.02.2012
Она-Ватанга хизмат қилиш — бугун мустақил мамлакатимиз ҳудудларида камол топаётган ҳар бир ўғлоннинг эзгу мақсади. Ушбу шарафли орзуни қалбига жо этган йигитларимизга Ватан ҳимоячиси бўлишдек фахру ифтихор янада улкан куч-ғайрат бахш этмоқда.
09.02.2012
Ховос туманидаги Чаманзор қишлоғида эл манфаати йўлида тер тўкаётган якка тартибдаги тадбиркорлар талайгина. Мирабдулла Тожибоев ҳам ун тегирмонини ишга тушириб, ўн йилдан бери қишлоқдошларининг оғирини енгил қилиб келмоқда.

Излаш