Бундан чорак аср муқаддам биз спортнинг айрим турларинигина билардик, холос. Жисмоний тарбия дарсларида болалар фақат футбол, биз эса волейбол ўйнардик. Бир синфдошимиз келажакда боксчи бўламан, деганида бутун синф унга ҳавас билан қараганди. Бугун-чи?! Мактаб ёшигача бўлган болалар ҳам ўнлаб спорт турларини санаб беради.
Ҳа, истиқлол йилларида мамлакатимизда оламшумул ўзгаришлар юз берди. Айниқса, Юртбошимиз ташаббуси билан болалар спортига кенг йўл очиб берилгани, юртдошларимизнинг ўзи истаган спорт тури билан шуғулланишлари учун барча шароитлар муҳайё этилгани уларнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан саломатлиги кафолатидир. Нафақат шаҳар марказлари, балки энг чекка қишлоғу овулларда ҳам муҳташам спорт иншоотларининг қад ростлаб, ёшларимизнинг улардан фойдаланаётгани ўз самарасини кўрсатаётир — бугун Ўзбекистон байроғи жаҳон ареналарида мағрур ҳилпирамоқда. Айниқса, сўнгги йилларда оилаларда спортга бўлган иштиёқнинг кучайиб бораётгани юртимизнинг барча маҳаллаларида соғлом муҳит яратилишига асос бўлаётир.
— Болалигимдан боксга қизиқаман, — дейди Юнусобод туманининг Ойбек номидаги маҳалласида яшовчи Эркин Маҳмудов. — Талабалик йилларим Чирчиқ шаҳрида ўтказилган республика биринчилигида 2-ўринни қўлга киритдим, кўплаб мусобақаларда иштирок этдим. Турмуш ўртоғим Гулшодахон спортнинг шахмат-шашка, фарзандларим Фаррухбек ва Элдоржон таэквондо ҳамда Ўзбек жанг санъати билан шуғулланади.
Ота-онанинг қўллаб-қувватлаши камолга етаётган болаларнинг орзуларига қанот бўлади. Буни яхши тушунган Эркин ака турмуш ўртоғи Гулшода опа билан бамаслаҳат иш тутди. Бундан беш йил муқаддам фарзандларидаги шарқ яккакурашига қизиқишни илғаган ота уларни тумандаги 250-умумтаълим мактабида ташкил этилган тўгаракка олиб борди. Ўша кундан эътиборан ака-укалар таэквондо ҳамда Ўзбек жанг санъати билан мунтазам шуғуллана бошлашди.
2008 йили таэквондонинг ITF йўналишида 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган рангли белбоғ соҳиблари ўртасида ўтказилган Ўзбекистон биринчилигида ака-укалар илк ғалабани қўлга киритдилар. 2010 йил март ойидаги «Амир Темур кубоги» турнири уларга иккита олтин медални туҳфа этди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида ташкил этилган Ўзбек жанг санъати бўйича республика очиқ биринчилигида комплекс машқлар бажариш ва йўналишли баҳсларда зафар қучган ака-укалар I халқаро турнирда иштирок этиб, мусобақанинг мутлақ ғолиби бўлдилар. Шундан сўнг бирин-кетин муваффақият эшиклари очила бошлади: Ўзбек жанг санъати бўйича ёшлар ва катталар ўртасидаги Ўзбекистон кубогида иккита биринчи ўрин, республикада ўтказилган Ўзбек жанг санъати — Ўзбекистон миллий спорти турнирида 7 ёшдан 25 ёшгача бўлганлар ўртасидаги «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни»га бағишланган клублараро Тошкент шаҳар очиқ чемпионатида Элдорбек биринчи, Фаррухбек 3-ўринга лойиқ топилди.
Яқинда ака-укалар Ўзбек жанг санъати федерацияси қабул қилган стандартларга мувофиқ, 1-дан қора белбоғ соҳиби унвони билан тақдирланишди. Бу билан уларга халқаро майдонларда ҳам юртимиз шарафини ҳимоя қилиш ишончи билдирилди. Фаррухбек Маҳмудов Тошкент иқтисодиёт коллежининг 1-босқич ўқувчиси, Элдоржон эса 12-умумтаълим мактабининг 8-синфида таҳсил олади. Улар ўқиш билан бирга галдаги мусобақаларга ҳозирлик кўрмоқдалар.
— Одатда, ҳар кунимиз бир хил бошланади — эрталаб, биринчи навбатда, бадантарбия машқлари билан шуғулланамиз, — дейди оила бекаси Гулшода Холмуродова. — Бу эса куннинг мазмунли ўтишини таъминлайди. Фарзандларим ўқишдан сўнг машғулотга кетишади. Хонадонингизда ҳамма фойдали машғулот билан шуғулланса, боз устига, соғлом ва бақувват бўлса, сиз беихтиёр уларга қўшилиб кетар экансиз. Илгари спортга унча қизиқмасдим, бугун эса фарзандларим қаторида мен ҳам машқлар бажараман.
Дарвоқе, Гулшода опа Юнусобод туманидаги 12-умумтаълим мактабининг информатика фани ўқитувчиси. Ишдан сўнг уй юмушлари, фарзандлари тарбиясидан ортиб, шахмат-шашка машғулотларига ҳам вақт топади. У юртимиз мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан туман ўқитувчи ва мураббийлари ўртасида шахмат бўйча ўтказилган мусобақада фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
Бу каби оилаларнинг маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар орасида обрў-эътибори баланд. Зеро, кўпчиликнинг рағбати кишида ишонч уйғотади.
— Юртимизда спортчи оилаларга берилаётган эътибор туфайли уларнинг сони тобора ортиб бормоқда, — дейди маҳалла маслаҳатчиси Холида Саматова. — «Маҳалла» хайрия жамғармаси республика бошқаруви ва Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида «Отам, онам ва мен – спортчилар оиласимиз», «Биз кучли ва соғлом оила» каби мусобақа ва турнирлар ўтказилишидан кўзланган мақсад юртимизда оилавий спортга рағбат кўрсатишдир. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, маҳалламизда Эркинжон Маҳмудовлар оиласи эришаётган ютуқларни кўриб, уларнинг аҳиллигига ҳавас қилиб, кўпгина оилалар спорт билан ошно бўлишга киришишган.
Спортчи оилаларга берилаётган эътибор фақат чемпионларни етиштириб беришдангина иборат эмас, балки фарзандларнинг соғлом, иродали, қатъиятли бўлиб вояга етишига кўмаклашишдир. Зеро, муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек, «Соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади».
Башорат ЮНУСОВА,
«Mahalla» мухбири.