Файзу барака — меҳнатдан

— Оилани асраш — хонадон бошлиғи зиммасига катта масъулият юклайди. Бунинг учун у юксак маънавиятли, тадбирли ва меҳнаткаш, ҳалол бўлиши лозим, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Янгиқўрғон шаҳарчасидаги «Бешбулоқ» маҳалласи фаолларидан бири Лобар Рустамова. — Ўз навбатида, аёлларимиз ҳам оқила, ғайратли, эрнинг зиммасидаги юкка елкадош бўлса оиланинг мустаҳкамлиги таъминланади.
Эътибор берилса, айрим оилалардаги муросасизлик етишмовчиликдан келиб чиқади. Натижада эзгу умидлар билан қурилган оила бузилиши мумкин. Шунинг учун оиладагилар доимий иш билан таъминланса, турмуш ҳам баракали, ҳам аҳил бўлади.
Дарҳақиқат, Лобар опа таъкидлаган ана шу ақида билан яшаб келаётган оилаларга биргина Янгиқўрғон тумани маҳаллаларидан юзлаб мисол келтириш мумкин. «Бешбулоқ» маҳалласидаги Қодиржон Асқаров оиласи аъзолари ўз меҳнатлари ортидан тўқ, фаровон турмуш кечиришмоқда. Қодиржон аканинг томорқасида мўъжазгина иссиқхона, ҳар мавсумда шиғил ҳосил берадиган мевали дарахтлару сўритоклари бор. Оила бекаси Дилбархон — ҳамшира. Икки ўғил — Сардорбек ва Азизбек томорқа даромадидан олинган автомашиналарида аҳолига пуллик хизмат кўрсатишади. Оиладагилар бўш вақт топилди, дегунча томорқада меҳнат қиладилар. Бунда ҳар бир кишининг ўз вазифаси бор.
— Ҳар йили ҳовлидан чиққан ҳосилнинг ўзимиздан ортганини сотамиз, — дейди Дилбархон. — Ўтган йили ҳам узумдан ташқари бир тоннадан ортиқ олма сотдик. Чорвамиз ҳам бор. Ана шу даромадлар ҳисобидан тўй қилдик, ҳовли олдик.
— Оилада икки набирам билан жами тўққиз кишимиз, — давом эттиради Қодиржон ака. — Ҳар бир оила бошлиғи оиласини таъминлашга, айниқса, қишдан эсон-омон олиб чиқишга шахсан масъул. Шуни дилдан ҳис этиб, мавсумга алоҳида тайёрланаман. Ўтган йили томорқада бир тоннадан ортиқ картошка етиштириб, қишга ғамладик. Ҳовлидаги дов-дарахт шохларини бутаб, ўтин жамғардик. Маҳалла ёрдами билан арзон нархда кўмир сотиб олдик. Қисқаси, «олма пиш, оғзимга туш», деб ўтирмадик. Инсон доимо ҳаракатда бўлиши зарур. Ана шунда уйидан тинчлик, хотиржамлик, дастурхонидан файз-барака аримайди.
Эр-хотиннинг рўзғор юкини тортишга ҳаётий тажрибалари етарли. Уларнинг ўзаро муносабати, бир-бирига бўлган ҳурматию, аҳиллиги эса, бутун маҳаллага ибрат бўларли.
Ана шундай оилалардан яна бири Наркент қишлоқ фуқаролар йиғинидаги «Сангистон» маҳалласидаги Раҳмонжон Абдувалиевлар хонадонидир. Кўп йиллар ҳайдовчилик касбини эъзозлаб, элда ҳурмат-эътибор топган Раҳмонжон ака тирикчилик манбаи сифатида томорқани билади. Унинг ҳавас қилса арзигулик боғи бор. Дарахт кўчатлари остида эса турли резавору, сабзавотлар етиштиради. Чоғроққина иссиқхонаси қишнинг чилласида ҳам ям-яшил бўлиб, кўзни қувнатади.
— Ўтган йилги даромадимдан икки ўғлимга алоҳида-алоҳида ҳовли сотиб олган эдим. Бу йилгиси ҳам ёмон эмас, — дейди Раҳмонжон ака мамнунлик билан. — Баҳорга чиқиб, икки ҳовлига янги уй-жой қурамиз. Ҳовли тўйию, набираларимнинг суннат тўйларини ўтказамиз. Томорқам шунга имконият яратиб бермоқда.
Абдувалиевлар хонадонидаги саранжом-саришталик, меҳр-оқибатни кўрган одам ҳавас қилади. Оила бекаси Шарофатхон ҳам турмуш ўртоғи каби уқувли, тадбирли, мулоҳазали ва ғайратли. Шу сабаб дастурхондан сут-қатиқ, сариёғ, тухум аримайди. Бунга у беш сигир, беш қўй, ўн беш бош товуқни ўғиллари кўмагида яхши парвариш қилаётгани туфайли эришмоқда.
Дарҳақиқат, Наманган вилоятининг шимолида жойлашган Янгиқўрғон тумани соҳибкор боғбонлари, миришкор деҳқонлари билан ном қозонган. Биз юқорида тумандаги айрим хонадонлар ҳақида сўз юритдик, холос. Ибратли хонадонлар, намунали оилалар Янгиқўрғонда талайгина. Бундай шарафга улар ўзларининг ҳалол меҳнати, оиладаги соғлом муҳит туфайли эришганлар. Демак, меҳнат нафақат инсонни улуғлайди, балки оилани ҳам мустаҳкамлайди.

Жамшид БЕК,
«Маhalla» мухбири.

Фото галерея

Янгиликлар

10.05.2012
ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ СОВРИНДОРИ МАЛИКАБОНУ НАРЗУЛЛАЕВА НОЁБ ҚОБИЛИЯТ СОҲИБАЛАРИДАН. У ЎЗИДА СПОРТЧИЛАРГА ХОС ИШТИЁҚ ВА ОЛИМЛАРГА ХОС ЗИЙРАКЛИКНИ МУЖАССАМЛАШТИРГАН, ДЕСАК ЯНГЛИШМАГАН БЎЛАМИЗ.
10.05.2012
МУҲТАРАМ ЮРТБОШИМИЗНИНГ «ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҚИЛЛИККА ЭРИШИШ ОСТОНАСИДА» АСАРИНИ АҲОЛИ ЎРТАСИДА КЕНГ ТАРўИБ ЭТИШДА «МАҲАЛЛА» ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИНИНГ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БЎЛИМИ БОШҚАРУВИ, ШАҲАР ВА ТУМАН БЎЛИНМАЛАРИ ФАОЛЛИК КЎРСАТАЁТИР.
10.05.2012
АВВАЛ ХАБАР БЕРГАНИМИЗДЕК, «МАҲАЛЛА» ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИ РЕСПУБЛИКА БОШҚАРУВИ ВА БИР НЕЧТА МУТАСАДДИ ТАШКИЛОТЛАР ҲАМКОРЛИГИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ ФАОЛЛАРИНИНГ КАСБИЙ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ МАҚСАДИДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН ТЎРТ КУНЛИК ЎҚУВ-СЕМИНАР ЯКУНЛАНДИ.

Излаш