Ватан номин шарафламоқ — бахт

Она-Ватанга хизмат қилиш — бугун мустақил мамлакатимиз ҳудудларида камол топаётган ҳар бир ўғлоннинг эзгу мақсади. Ушбу шарафли орзуни қалбига жо этган йигитларимизга Ватан ҳимоячиси бўлишдек фахру ифтихор янада улкан куч-ғайрат бахш этмоқда.
Бунга юртимиз Қуролли Кучлари соҳасида истиқлол йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси сабаб, десак муболаға қилмаган бўламиз. Ҳар томонлама мукаммал ва замонавий армиямиз сафига чақирилаётган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг нафақат жисмонан бақувватлиги, балки маънавий етуклигига эътибор қаратилаётгани муҳим аҳамиятга молик.
Президентимизнинг 2012 йил 12 январдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамғармаси томонидан муайян чора-тадбирлар режаси белгилаб олинган. Хусусан, жойларда чақирув комиссиялари таркибига киритилган жамғарманинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари муддатли ҳарбий хизматга чақириладиган фуқароларни йиғиш, ҳарбий қисмларга тантанали кузатиш ҳамда Қуролли Кучлар резервига хизматдан бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойида тантанали кутиб олиш бўйича ўтказиладиган тадбирлар ва тантаналарни ташкил этишда фаол иштирок этишади.
Чақирув комиссиялари аъзолари таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» ва «Маҳалла» хайрия жамғармаларининг вакиллари киритилгани чақирилувчилар учун ўтказилаётган танлов ва синовлар ошкоралик, холислик тамойиллари асосида ўтишига омил бўлаётир.
Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси чақирув пунктида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросимлари бўлиб ўтди. Ушбу тантаналарни ташкил этишда «Маҳалла» хайрия жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими мутасаддиларининг ҳам алоҳида ўрни бор.
— Армиямиз сафида хизмат қилишни болалигимдан орзу қилардим, — дейди кузатув тантаналарида сўз олган чақирилувчилардан бири Алишер Носиров. — Бунинг учун мунтазам равишда ўз устимда ишладим. Спорт билан доимий шуғулланиб, жисмоний тайёргарликни ҳам пухта олиб бордим. Мана, бугун Ватан хизматига киришиш арафасида қалбимда чексиз ҳаяжон. Ўз олдимга қўйган шарафли мақсадимга эришганимдан бахтиёрман. Она юртимга бор билимим ва куч-ғайратимни бағишлаб хизмат қиламан.
— Бугунги кунга қадар муддатли ҳарбий хизматга пойтахтдан чақирилган 984 нафар йигитдан 235 нафарини ҳарбий хизматга кузатдик, — дейди «Маҳалла» хайрия жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Исманов. — Шаҳримиз маҳаллаларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган йигитлар ва уларнинг ота-оналари билан ўтказилган мулоқотлар давомида юртимиз ўғлонлари Ватан учун хизмат қилиш шарафли ва фахрли бурч эканини юракдан ҳис қилаётганини англадик. Кузатув маросимларида жамғарма томонидан муддатли ҳарбий хизматчиларимиз, аскарларга армияда асқотадиган восита ва анжомлардан иборат совғалар тарқатилди.
— Чақирув пунктидаги шарт-шароитларни кўриб, очиғи, тўлқинланиб кетдим, — дейди ўғлини ҳарбий хизматга кузатаётган оналардан бири Озода Собирова. — Фарзандим армия сафларида муносиб хизмат қилиб, янада тобланиб, билим ва маҳоратини ошириб қайтишини ўйлаганим сари бутун борлиғимни фахру ифтихор ҳислари чулғайди.
Бундай маросимлар Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси чақирув пунктида ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси, «Маҳалла», «Нуроний» жамғармалари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят бўлими вакиллари ҳамда ота-оналар бугун миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун ғурур ва ифтихорга айланганини таъкидлаб, саф тортиб турган ўғлонларни она — Ватанга садоқат билан хизмат қилишга, юртимиз озодлиги, халқимиз осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини кўз қорачиғидек асрашга даъват этдилар.
— Президентимиз раҳнамолигида миллий армиямизда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси чақирув бўлими бошлиғи, подполковник Ҳамробек Бобожонов. — Чақирув пунктларида барча шароитларни яратиш ҳам асосий вазифалардан биридир. Бир сўз билан айтганда, бугун чақирув пунктларининг инфратузилмаси тубдан яхшиланмоқда. Вилоятда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 августдаги 2010 — 2012 йиллар давомида йиғин ва чақирув пунктларини реконструкция ва модернизация қилиш дастурига оид қарори асосида биргина ўтган йили олтита объектда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Чақирувни юқори савияда ўтказиш мақсадида тиббий кўрик хоналарини замонавий талаблар асосида жиҳозлаш, биноларни иссиқлик ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш каби барча зарур шарт-шароитлар яратилган.
— Чақирув пунктида ташкил этилган шарт-шароитлар кишида мамнуният ҳиссини уйғотади, — дейди «Маҳалла» хайрия жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раиси Ҳожимурод Эрматов. — Истиқлол шарофати билан фарзандларимизни армияга жўнатиш ва кутиб олиш маросимлари юқори савияда, тантанали тарзда ўтказиладиган бўлди. Бундай тадбирларни кўрган ёшларда миллий армиямиз сафларида хизмат қилишга қизиқиш янада кучаймоқда.
Айни кунларда юртимиз маҳаллаларида «Маҳалла» хайрия жамғармаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказилаётган «Юрт ўғлонларига Ватан ишончи» мавзуидаги давра суҳбатларида чақириққача бўлган ёшлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун юртимизда яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар хусусида батафсил маълумотлар берилмоқда. Шунингдек, ҳарбий қисмлар, олий ҳарбий билим юртлари, сержантлар тайёрлаш мактаблари, маҳаллалар, умумтаълим мактаблари ҳамда касб-ҳунар коллежларида «Тинчлик ва осойишталик учун курашиш керак», «Ҳушёрлик ва сергаклик — замон талаби», «Миллий армия — юрт таянчи ва суянчи» каби мавзуларда фахрийлар, соҳа мутасаддилари иштирокида учрашувлар ташкил этилмоқда.
Жамғарманинг жойлардаги бўлим ва бўлинмалари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда мамлакатимиз мустақиллиги ва тинчлигини асраш йўлида хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирларни изчил давом эттираётир.
Ўқувчи ёшларни Қуролли Кучлар сафларига — ҳарбий хизматга, олий ҳарбий билим юртларига киришга тайёрлаш, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида Ватанга садоқат туйғуларини шакллантириш мақсадида ўтказиладиган уч босқичли «Шунқорлар» ҳарбий-спорт мусобақаларини ташкил этишга ҳозирлик кўрилаётир. Бу мусобақаларда ўсмирлар тобланади, чинакам Ватан ҳимоячиси бўлиб шаклланади. Негаки, Ватанимизнинг эртанги куни, мамлакатимиз келажаги маънан етук, жисмонан баркамол ёш авлод қўлида. «Маҳалла» хайрия жамғармаси мутасаддилари юртимиз маҳаллалари бағрида улғаяётган эртанги кун ворисларининг шу муқаддас Ватанга муносиб фарзандлар бўлиб етишиши йўлида мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланишга эътибор қаратишмоқда. Зеро, баркамол, маънавияти юксак фарзанд, аввало, тарбия берган ота-онаси ва жонажон маҳалласи номини шарафлаши шубҳасиз.

Феруза ЭГАМОВА,
«Маhalla» мухбири.

Фото галерея

Янгиликлар

10.05.2012
ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ СОВРИНДОРИ МАЛИКАБОНУ НАРЗУЛЛАЕВА НОЁБ ҚОБИЛИЯТ СОҲИБАЛАРИДАН. У ЎЗИДА СПОРТЧИЛАРГА ХОС ИШТИЁҚ ВА ОЛИМЛАРГА ХОС ЗИЙРАКЛИКНИ МУЖАССАМЛАШТИРГАН, ДЕСАК ЯНГЛИШМАГАН БЎЛАМИЗ.
10.05.2012
МУҲТАРАМ ЮРТБОШИМИЗНИНГ «ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҚИЛЛИККА ЭРИШИШ ОСТОНАСИДА» АСАРИНИ АҲОЛИ ЎРТАСИДА КЕНГ ТАРўИБ ЭТИШДА «МАҲАЛЛА» ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИНИНГ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БЎЛИМИ БОШҚАРУВИ, ШАҲАР ВА ТУМАН БЎЛИНМАЛАРИ ФАОЛЛИК КЎРСАТАЁТИР.
10.05.2012
АВВАЛ ХАБАР БЕРГАНИМИЗДЕК, «МАҲАЛЛА» ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИ РЕСПУБЛИКА БОШҚАРУВИ ВА БИР НЕЧТА МУТАСАДДИ ТАШКИЛОТЛАР ҲАМКОРЛИГИДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ ФАОЛЛАРИНИНГ КАСБИЙ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ МАҚСАДИДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН ТЎРТ КУНЛИК ЎҚУВ-СЕМИНАР ЯКУНЛАНДИ.

Излаш